Ўзбекистоннинг Қирғизистондаги элчиси Бош вазирга меҳнат муҳожирлари бўйича маслаҳатчи бўлди

Ўзбекистон Республикасининг Қирғизистондаги элчиси Комил Рашидов 27 август кунги ҳукумат қарори билан Бош вазир маслаҳатчиси этиб тайинланди.

Бу ҳақда хабар берган Ташқи ишлар вазирлигига кўра¸ Рашидов Хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираëтган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва қўллаб-қувватлаш масалалари департаментига бошлиқ этиб тайинланган.

2013 йилда Қирғизистонга элчи этиб юборилган Рашидов¸ унгача Ташқи ишлар вазири ўринбосари лавозимида ишлаган.

Норасмий маълумотларга кўра¸ меҳнатга лаëқатли ўзбекистонликларнинг камида 5 миллионга яқини меҳнат муҳожиратига чиқиб кетган.

Уларнинг аксарияти Россия¸ Қозоғистон¸ Туркия ва Жанубий Кореяда ишламоқда.

Ўзбекистон Марказий банки тарқатган сўнгги маълумотга кўра¸ биргина Россиядаги муҳожирлар 2018 йили расмий молиявий каналлар орқали ватанда қолган оилаларига 3 миллиард 963 миллион АҚШ доллар пул юборган ва бу кўрсаткич 2017 йилга нисбатан 1.4 фоизга кўпдир.