Саёҳат қилаётганларга 5 сентябргача меҳмонхона ва ресторанларда чегирмалар бериладиган бўлди

Бухородаги Чор Бакр тарихий комплекси.

Ўзбекистон мустақиллигининг 28 йиллиги муносабати билан Туризмни ривожлантириш қўмитаси меҳмонхона, ресторан ва транспорт эгалари билан ҳамкорликда 5 сентябрга қадар чегирмалар эълон қилди.

“Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил” лойиҳаси доирасида ўз хизматлари учун 200га яқин меҳмонхона 5 фоиздан 50 фоизгача, 80дан ортиқ транспорт воситаси 5 фоиздан 20 фоизгача, 110дан ортиқ умумий овқатланиш шахобчаси 5 фоиздан 25 фоизгача чегирмаларни эълон қилган.

Мазкур лойиҳага қўшилган меҳмонхоналар, ресторанлар ва транспорт воситалари тўғрисидаги тўлиқ маълумотларни Туризмни ривожлантириш қўмитаси сайтидаги махсус иловада ўқишингиз мумкин.

Бундан ташқари 31 августдан 3 сентябргача «Ўзбекистон темир йўллари»нинг ички рейслари учун 10 фоиздан 50 фоизгача, «Ўзбекистон ҳаво йўллари» учун эса 30 фоиздан 50 фоизгача чегирмалар эълон қилинган.