Ўзбекистонда флагштоклар сони яна биттага кўпайди. Буниси 62 метр

Самарқанд вилоятидаги Каттақўрғон шаҳрининг Эски шаҳар қисмида баландлиги 62 метр бўлган флагшток ўрнатилди.

Самарқанд вилоят ҳокимлиги флагштокка узунлиги 20 метр, эни 8 метр бўлган Ўзбекистон байроғи осилгани тўғрисида маълум қилди.

Аввалроқ Андижон шаҳрининг Эски шаҳар қисмида баландлиги 64 метр бўлган флагшток ўрнатилгани хабар қилинганди. Андижондаги байроқнинг узунлиги 14, эни 7,5 метрга тенг. Унинг оғирлиги 33 кило.

Бундай байроқлар ўрнатилган флагштоклар бошқа вилоятларда ҳам бор. Сирдарё вилоятининг Ширин шаҳрида 35 метр, Бухорода 60 метр, Қаршида 50 метр, Деҳқонобод туманида 40 метр, Наманган шаҳри ва Қоракўл туманида 35 метр, Самарқанд шаҳрида 30 метрли флагштоклар мавжуд.

Ўзбекистондаги энг улкан байроқ Тошкентда бўлиб, баландлиги 65 метр.