2 киши ҳалок бўлди, 3 киши жароҳат олди - Олмалиқда поезд қулаб "Дамас"ни босиб қолди

Иллюстратив сурат. Олмалиқдаги воқеага алоқаси йўқ.

10 сентябрь, соат 04:00 ларда юк поездининг иккита вагони қулаб, "Дамас"ни босиб қолиши оқибатида 2 йўловчи ҳалок бўлди, 3 нафари тан жароҳати олди.

Бу ҳақда хабар қилган Фавқулодда вазиятлар вазирлиги га кўра, Тошкент вилоятидаги Олмалиқ кон металлургия комбинатининг кон бошқармасига қарашли “Ангрен Олтин саралаш фабрикаси”га олиб борувчи темир йўл шохобчасининг кесишмасида юк ташиш поезди автотранспорт воситалари билан тўқнашиб кетган.

Тошкентдан Фарғона водийсига кетаётган “САМС” юк машинаси юк поездига урилган. Натижада вагонларнинг 2 таси изидан чиқиб кетиб, қарама-қарши йўналишда турган “Дамас” автомобилини босиб қолган.

Натижада, “Дамас” автомобилда бўлган 5 нафар фуқародан 2 нафари воқеа жойида вафот этган, 3 нафари тан жароҳати олиб, Ангрен шаҳар марказий шифохонасига ётқизилган. Шунингдек, “САМС” ҳайдовчиси ҳам тан жароҳати билан шифохонага ётқизилган.

"Мазкур вазият юзасидан, воқеа жойига Фавқулодда вазиятлар, Ички ишлар, Соғлиқни сақлаш вазирликлари ходимлари, "Ўзбекистон темир йўллари" АЖ мутассадди ходимлари, шунингдек, Фавқулодда вазиятларда уларни олдини олиш ва ҳаракат қилиш давлат тизимининг куч ва воситалари етиб бориб вазият окибатларини бартараф этиш буйича тегишли тадбирлар амалга оширилди", дейилган ФВВ хабарида.