Ҳукумат шароити оғир ҳудудлар рўйхатини тузди, бу ҳудудларда ишлайдиганларга қўшимча ҳақ тўлаш тартибини белгилади

Шароити оғир ҳудудлар рўйхатида Мўйноқ тумани ҳам бор.

Ҳукуматнинг 6 сентябрдаги қарори билан Табиий-иқлим ва маиший шароитлари оғир ва ноқулай бўлган жойларда ишловчи ходимлар меҳнатига ҳақ тўлашга туман коэффициентларини, шунингдек, уларга ҳар йили бериладиган қўшимча таътилнинг энг кам муддатини белгилаш ва қўллаш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Бу ҳақда хабар қилган Адлия вазирлигига кўра, табиий-иқлим шароитлари оғир ва ноқулай бўлган жойлар рўйхатига киритилган жойларда ишлайдиган барча ходимларга йиллик устама ва йиллик қўшимча таътиллар берилади.

Бунда устама миқдори ушбу жой учун белгиланган тегишли коэффициентни иш ҳақи суммасига кўпайтириш орқали белгиланади.

Устамалар ходим ушбу жойда яшаши ёки яшамаслигидан қатъи назар иш жойи бўйича тўланади.

Рўйхатда кўрсатилган ҳудудларга бир ойдан ортиқ муддатга хизмат сафарига юборилган ходимларга ҳам мазкур ҳудудда бўлган вақти учун ушбу жой учун назарда тутилган миқдорда устама тўланади.

Бунда устама меҳнатга доир қонун ҳужжатларида назарда тутилган сафарларда харажатларни қоплаш учун тўловдан қатъи назар тўланади.

Табиий-иқлим ва маиший шароитлари оғир ва ноқулай бўлган жойлар рўйхатига Қорақалпоғистоннинг Мўйноқ ва Қўнғирот туманлари, Навоий вилоятининг Учқудуқ ва Зарафшон шаҳарлари ва бошқа бир қатор туман ва шаҳарлар киритилган.