Президент ўрта бизнесни шакллантириш тўғрисида кўрсатма берди

Президент Шавкат Мирзиёев.

Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда ўрта бизнес мавжуд эмаслигидан афсус билдирди ва бу тоифани шакллантириш тўғрисида кўрсатма берди.

Президент матбуот хизматининг 11 сентябрда билдиришича, Шавкат Мирзиёев бу ҳақда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни янада ривожлантириш ҳамда давлат бюджетига кафолатланган тушумларни таъминлаш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши пайтида гапирган.

“Кўплаб чет мамлакатларда бизнес субъектлари 3 тоифага (кичик, ўрта ва йирик) бўлинган ва давлат томонидан ҳар бир тоифага нисбатан алоҳида қўллаб-қувватлаш сиёсати олиб борилади. Лекин Ўзбекистонда иқтисодиёт ривожида алоҳида роль ўйнайдиган “ўрта бизнес” тушунчаси, афсуски, умуман йўқ”, дейилади расмий хабарда.

Шуни ҳисобга олган ҳолда президент Вазирлар Маҳкамаси ва тегишли вазирликларга ўрта бизнес тоифасини жорий этиш, кичик, ўрта, йирик бизнес мезонларини қайта кўриб чиқиш, уларни алоҳида механизмлар асосида давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш бўйича уч ой муддатда аниқ таклифларни ишлаб чиқиш тўғрисида кўрсатма берди.

Бундан ташқари Молия вазирлигига қўшилган қиймат солиғи ставкасини камайтириш бўйича аниқ асосланган таклиф киритиш топширилди.

Йиғилишда таъкидланишича, "Ўзбекистондаги тизимли ўзгаришлар натижасида" жорий йилнинг ўтган 8 ойида 70 мингта янги тадбиркорлик субъекти ташкил этилди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 2 баробарга кўпдир.