Олий Мажлис Сергели туман ҳокимини Бандлик вазири лавозимига маъқуллади

Сергели тумани ҳокими Нозим Ҳусанов Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири бўлди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 12 сентябрь кунги мажлисида Тошкент шаҳар Сергели тумани ҳокими Нозим Ҳусанов номзоди Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири лавозимига тасдиқланди.

Қонунчилик палатаси Матбуот хизмати эълон қилган хабарда бу лавозимга бошқа номзодлар кўрсатилгани¸ муқобил номзодларнинг депутатлар муҳокамасига қўйилгани ҳақида маълумот йўқ.

Хабардан тушунилишича¸ вазир лавозимига ягона номзод бўлган Нозим Ҳусанов билан депутатлар ўртасида савол-жавоб ўтказилган.

Бу савол-жавобда мамлакатда кенг кўламда давом этаëтган мажбурий меҳнат муаммосининг тилга олинган-олинмагани ҳақида ҳам маълумот берилмади.

43 яшар Ҳусанов 2018 йили Сергели туман ҳокими этиб тайинланган. Унгача Тошкент шаҳар ҳокимининг иқтисодий ва ижтимоий ривожлантириш, хизматлар соҳаси ва тадбиркорлик масалалари бўйича ўринбосари бўлиб ишлаган.

Тошкент ҳокимлигига келгунга қадар Ҳусанов 2014—2016 йилларда «Микрокредитбанк» банки бошқаруви раиси, 2013—2014 йилларда Ташқи иқтисодий фаолият Миллий банки бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари¸2011—2013 йилларда Марказий банк раиси ўринбосари¸ 2010—2011 йилларда эса Марказий банк Тошкент вилояти бош бошқармаси бошлиғи бўлиб ишлаган.