Ўзбекистон ва Қирғизистон 407 гектар ерини ўзаро айирбошлади

Икки қўшни давлат ўртасидаги чегаранинг делимитация қилинмаган ҳудудлари бу ҳудудлар аҳолиси ўртасида жанжаллар чиқишига сабаб бўлиб келаëтган эди.

Ўш вилояти Аравон тумани Туямўйин қишлоғидаги Каркидон сув омбори атрофидаги 407 гектар ер Гулбаҳор қишлоғи яқинидаги ер ўрнига Ўзбекистон ихтиëрига берилди.

Бу ҳақда Қирғизистон ҳукуматининг Ўш вилоятидаги махсус вакили Озодликнинг қирғиз хизматига маълум қилди.

Қирғиз расмийлари алмашилган ҳудудлар сатҳининг бир хил эканини билдирди.

Гулбаҳор қишлоғи Ўшдан чиқиш йўлининг Аравон районига кираверишида жойлашган ва бу йўлнинг ўнг томони ҳозирга қадар Ўзбекистонга қарашли бўлган. Қирғизистон ҳукуматига кўра¸ Ўзбекистон айнан ана шу йўл бўйидаги ҳудудни берган ва бу айирбошлаш эндиликда чегарани силжитишга имкон беради.

Айтилишича¸ ер айирбошлаш таклифи Бишкек томонидан ўртага қўйилган ва икки ҳукумат расмийларининг сўнгги музокараларида чегарани делимитация қилиш бўйича келишувга эришилган.

Ўзбекистон чегарачиларининг ер айирбошлаш келишуви расман эълон қилинмай туриб¸ Каркидон сув омбори атрофидаги ҳудудни тўсиб олиш ҳаракати 10 сентябрь куни қирғиз қишлоғи аҳолиси норозилигига сабаб бўлган эди.