Туркия ташқи ишлар вазири Мавлут Човушўғлининг "Ўзбекистон Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашига аъзо бўлишга қарор қилди. Ўзбекистон томонининг расмий мурожаати Турк кенгаши котибиятига келиб тушди", деб баёнот бергани тўғрисида Туркиянинг dailysabah.com нашри хабар қилди.
Вазирга кўра, аъзо бўлиш учун расмийлаштириладиган ҳужжатлари Тошкентга юборилган. Аъзоликка қабул қилиш жараёни тез орада якунига етади.
Туркий кенгашга Туркия, Озарбайжон, Қозоғистон ва Қирғизистон аъзодир. Кенгашнинг навбатдаги саммити 16 октябрда ўтказилиши режалаштирилган.
2018 йилнинг 30 апрель куни Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон билан Тошкентда ўтган учрашувдан сўнг президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Туркий тилли давлатлар ҳамкорлиги кенгашига қўшилишини эълон қилган эди.
Ташкилотнинг 2018 йил, 3 сентябрда Қирғизистоннинг Чўлпонота шаҳрида бўлиб ўтган саммитида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев фахрий меҳмон сифатида қатнашган эди.
“Туркий кенгаш доирасида ўзаро самарали ҳамкорликни янада ривожлантиришдан манфаатдормиз. Ҳозирги босқичда унинг фаолиятида мамлакатимиз учун амалий жиҳатдан қизиқиш уйғотадиган йўналишлар бўйича иштирок этишга тайёрмиз”, деган эди Шавкат Мирзиёев Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши саммитида сўзлаган нутқи давомида.
Дунёдаги туркий тилли 6 давлатдан бири бўлган Ўзбекистон раҳбарияти Туркий тилли давлатлар ҳамкорлиги кенгаши саммитларидан бирортасида иштирок этган эмас.