Президент Мирзиёев Россия Давлат думаси раисини қабул қилди

Россия Давлат думаси раиси Вячеслав Володин.

Президент Шавкат Мирзиёев 16 сентябрда Россия Давлат думаси раиси Вячеслав Володин бошчилигида делегацияни қабул қилди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар қилди.

“Вячеслав Володин, ўз навбатида, самимий қабул учун Ўзбекистон президентига чуқур миннатдорлик билдирди ҳамда Россия Федерацияси президенти Владимир Путиннинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказди”, дейилади расмий хабарда.

Учрашувда мамлакатлар ўртасида сиёсий мулоқотни янада ривожлантириш, савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт-коммуникация, илмий-техник, таълим, маданий-гуманитар ва бошқа соҳаларда амалий ҳамкорликни кенгайтириш масалалари юзасидан фикр алмашилди.

Вячеслав Володин Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги кенг кўламли ҳамкорликни ҳар томонлама мустаҳкамлаш мақсадида парламентлараро алоқаларни кенгайтиришга интилиши қатъий эканини тасдиқлади.