Петербургда ўзбекистонликни пичоқлаган миллатчилар қамоққа олинди

Иллюстратив сурат.

Санкт-Петербург шаҳрининг Красногвардейск туман суди Ўзбекистон фуқаросини ўлдиришга ҳаракат қилган икки нафар россияликни қамоққа олиш тўғрисида қарор чиқарди.

Санкт-Петербург судлари бирлашган матбуот хизматининг 19 сентябрда билдиришича, Роман Кулев ва Владислав Смоликов эҳтиёт чораси сифатида 16 ноябргача ҳибсда сақланади.

Терговнинг билдиришича, Кулев ва Смоликов 16 сентябрь куни Среднеохтинск проспектида Ўзбекистон фуқаросига уч марта пичоқ урган. Ўзбекистонлик муҳожир оғир аҳволда касалхонага ётқизилган. Бу воқеа тўғрисида Озодлик радиоси 18 сентябрь куни хабар берган эди.

Тергов Кулев ва Смоликов мазкур жиноятни миллий нафрат асосида амалга оширган, деб ҳисобламоқда. Айбланувчилар ўзларига билдирилган айбловни тан олмади.

“Сова” ахборот-таҳлилий марказининг билдиришича, 2019 йилнинг январидан августигача Россиянинг 14 минтақасида миллатчилар ҳужумлари қайд этилган. Ҳужумлар оқибатида беш одам ҳалок бўлган, 26 одам жароҳатланган.