Ўзбекистонлик муҳожирлар олти ойда Россиядан 2 миллиард доллар пул жўнатди

Иллюстратив сурат.

Россия Марказий банки 2019 йилнинг биринчи ярмида ўзбекистонликлар ватанларига 2 миллиард доллар пул жўнатганини маълум қилди.

Расмий маълумотда айтилишича, бу 2018 йилнинг шу даврига солиштирганда 200 миллион долларга кўпдир. Ўтган йилнинг биринчи ярмида Россиядан Ўзбекистонга 1 миллиард 800 миллион доллар пул ўтказилган эди.

Россиядан пул жўнатиш бўйича Ўзбекистон МДҲ давлатлари орасида биринчи ўринни эгаллади.

Бу кўрсаткич бўйича иккинчи ўринда Тожикистон (1,1 миллиард доллар) ва учинчи ўринда Қирғизистон (935 миллион доллар) турибди.

Гайдар институти ва Россия халқ хўжалиги академияси ҳисоботида таъкидланишича, уч йилдан бери Россияда Ўзбекистондан келган муҳожирлар сони кўпайиб бораётгани кузатилмоқда.

2017 йилда 1 миллион 900 минг, 2018 йилда 2 миллион ўзбекистонлик Россияда ишлаган бўлса, 2019 йилнинг 1 июль ҳолатига кўра, уларнинг сони 2 миллион 100 минг нафарга етган.