Автобус-боғчалар ташкил этилади - Ҳукумат қарори

Болалар боғчалари Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар айрим туманларида, қайта жиҳозланган ISUZU автобусларида ташкил этилади.

18 сентябрда мобил гуруҳлар базасида мактабгача таълим хизматларини кўрсатиш бўйича тажриба-синов лойиҳасини амалга ошириш тўғрисида ҳукумат қарори қабул қилинди.

Бу ҳақда хабар қилган Адлия вазирлига кўра, қарорга биноан, 2019-2020 ўқув йилидан бошлаб, мактабгача таълим мобил гуруҳлари тажриба тариқасида Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар айрим туманларида, қайта жиҳозланган ISUZU HC 40 автобусларида ташкил этилади.

"Мобил гуруҳнинг асосий вазифаларидан бири мактабгача таълим билан қамраб олинмаган болаларнинг ҳар томонлама етук, интеллектуал камол топишига шароит яратишдан иборат", дейилади хабарда.

Мобил гуруҳларга 3 ёшдан 7 ёшгача бўлган, мактабгача таълим муассасаларига бормайдиган болалар қабул қилинади.

Қабул учун қуйидаги ҳужжатлар талаб этилади:
ариза;
ота-она паспорти нусхаси;
боланинг туғилганлик гувоҳномаси нусхаси;
боланинг 2 дона фотосурати;
боланинг саломатлиги тўғрисида тиббий хулоса.

Мобил гуруҳларда хизматлар бепул кўрсатилади.

Бунда, овқатлантириш мажбурий эмас, таълим бир кунда 3-4 соатни ташкил этади.