1917 йилгача бўлган махфий тарихий ҳужжатлар жамоатчилик учун очилади

СССР архивида сақланган совет армияси махфий хариталари (иллюстратив сурат)

Президент Шавкат Мирзиёев “Ўзбекистон Республикасида архив иши ва иш юритишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонни имзолади.

ЎзА агентлиги эълон қилган фармонда “Ўзархив” агентлигини ташкил этиш ва 2020 йилнинг 1 январигача архивга оид қатор янги чоралар кўзда тутилган.

Янги ташкил қилинган агентликка берилган асосий вазифалардан бири Давлат хавфсизлик хизмати билан бирга 1917 йилгача бўлган архив ҳужжатларини 2020 йилнинг 1 январигача ўрнатилган тартибда махфийликдан чиқаришдир.

Бундан ташқари, 2020 йил 1 июнигача ватандошларнинг маълумоти, иш стажи, иш ҳақини тасдиқлаш ҳақидаги маълумотномаларни бериш хизматини Давлат хизматлари марказлари ва Ягона интерактив давлат хизматлари порталига ўтказиш кўзда тутилган.

Фармонда араб алифбосида яратилган туркий, форсий ва арабча ҳужжатлардаги ахборотлар бўйича аннотация маълумотларини тайёрлаш ва архив ҳужжатлари, китоблар ва қўлёзмаларни рақамлаштириш (электрон нусха олиш) ҳам шу икки идорага ўтказилиши айтилган.

Шунингдек, 3 ой ичида Миллий архив фондининг давлатга тегишли қисмини доимий сақлаш ҳуқуқи берилган вазирликлар, идоралар, тармоқ давлат фондлари ва ташкилотлар рўйхатини қисқартириш назарда тутилган.