Афғонистонга ўн йил электр қуввати етказиб бериш бўйича шартнома имзоланди

Иллюстратив сурат.

Ўзбекистон Афғонистонга ўн йил давомида электр қуввати етказиб бериши бўйича шартнома имзоланди.

Ўзбекистон Энергетика вазирлигининг билдиришича, шартнома Тошкентда бўлиб ўтган Марказий Осиё энергетика инвестицион форуми доирасида имзоланган.

"Сурхон - Пули-Хумри" электр узатиш линияси бўйича “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” ширкати ва Афғонистоннинг «Da Afghanistan Breshna Sherkat» компанияси ўртасида тузилган шартнома “ол ва тўла” тамойилига асосланади.

Электр энергияни етказиб бериш ҳажми дастлабки босқичда 4,2 миллиард кВт.с ни ташкил этади ва келгусида 6 миллиард кВт.с. га етказилади.

Бундан ташқари Ўзбекистон Энергетика вазирлиги ва Саудия Арабистонининг «ACWA Power» компанияси ўртасида иссиқлик электр станциялари ва шамол электр станцияларини қуриш бўйича асосий шартлар тўғрисидаги битимлар имзоланди.

Шартномада Ўзбекистонда Давлат хусусий шерикчилик шартлари асосида қуввати 1250 МВт га тенг иссиқлик электр станциялари ва қуввати 1000 МВт га тенг шамол электр станцияларини қуриш режаси ҳақида гап боради.