Ўғлига никоҳ ўқиган ота суд ҳукми билан етти кунга қамалди

Иллюстратив сурат.

Фарғона вилоятининг Қўштепа туманида ўғлига никоҳ ўқиган ота суд ҳукми билан етти кунга қамалди. Бу ҳақда «Менинг юртим» телеканали маълум қилди.

Судда ота ўғлига никоҳ ўқиб қўйишларини илтимос қилиб бир нечта имомга мурожаат қилгани, аммо улар рад жавобини бергани, шундан сўнг ўзи никоҳ ўқишга мажбур бўлганини айтган.

Суд эса отани “ниқоҳ ўқиш ваколатига эга бўлмай туриб никоҳ ўқиганлик”да айбдор деб топган.

“Дарё” нашрининг хабар беришича, аввалроқ Андижон вилоятининг Пахтаобод туманида ўғлининг иккинчи турмуши учун никоҳ ўқиган ота маъмурий жавобгарликка тортилган. Бундан ташқари, Фарғонанинг Тошлоқ туманида бир фуқаро ўзига ўзи никоҳ ўқигани ҳақида хабар берилган эди.

Kun.uz нашри 20 сентябрь куни адлия вазири ўринбосари Худоёр Мелиев сенатор Энахон Сиддиқованинг бу борадаги саволига жавоб бергани ҳақида ёзган эди.

“Шаърий никоҳ масаласида битта нарсани тўғри тушуниш керакки, ислом динида никоҳни албатта имом ўқиши шарт, деган нарса йўқ. Шунинг учун биз бу борада қонун бўйича ҳам қанақадир жавобгарлик белгиламаганмиз.Етарли диний билимга эга шахс никоҳ ўқиши мумкинлигини ҳисобга олсак, уларга жавобгарлик белгилаш унчалик тўғри эмас”, деб айтган вазир ўринбосари.

Айни пайтда Ўзбекистонда қонуний никоҳдан ўтмаган фуқароларга шаърий никоҳ ўқиган шахслар МЖтКнинг 201-моддаси 2-қисми (Диний йиғилишлар, кўча юришлари ва бошқа диний маросимлар ўтказиш қоидаларини бузиш), 241-моддаси (Диний таълимотдан сабоқ бериш тартибини бузиш) ва 47(3)-моддаси 3-қисми (Никоҳ ёшига етмаган шахс билан никоҳ тузишга доир диний маросимни амалга ошириш) асосида жаримага тортиб келинади.