Қирғизистон ҳарбий прокурори Ички ишлар вазири собиқ ўринбосари Курсан Асановнинг жиноятга шерикликда гумонланаётган ўғли Муҳаммадали Асанов Ўшдаги “Дўстлик” чегара пункти орқали Ўзбекистонга қочиб ўтгани ҳақида маълум қилди.
- У қочиб кетгунига қадар гумонланувчи эмас эди. Бироқ унга нисбатан кўрсатмалар ва далиллар мавжуд эди. Уни бу нарсаларга аниқлик киритиш учун сўроққа чақирмоқчи бўлганимизда қочиб кетди, -деди ҳарбий прокурор Нуркамал Набиев парламентнинг Қўйтош воқеаларини ўрганиш бўйича комиссиясининг 23 сентябрда ўтган йиғилишида.
Прокуратура ички ишлар вазирининг собиқ ўринбосари Курсан Асановни 8 август куни Қўйтош қишлоғида собиқ президент Алмазбек Атамбаевни қўлга олиш амалиёти пайтида қатор далил ва исботларни, ҳужжатларни тан соқчиси орқали яшириш учун ўғлига юборганликда айбланмоқда.
Терговга кўра, бу ҳужжатлар кейин Атамбаев тарафдорларига топширилиши лозим бўлган.
Бу воқеа юзасидан 22 ёшли Муҳаммадали Асанов жиноятга шерик сифатида гумонланмоқда. 27 августда қидирувга берилган Муҳаммадали Асановни қамоққа олиш бўйича суд сиртдан қарор чиқарган.
Курсан Асанов 13 август куни Бош вазир буйруғи билан ишдан олинган эди. Ўшанда Курсан Асанов 7-8 август кунлари Қўйтош қишлоғида ўтган амалиёт чоғида милиция манфаатларига хиёнат қилганликда айбланган.