Линклар

Шошилинч хабар
07 декабр 2019, Тошкент вақти: 04:03

Қирғизистонда собиқ президент Атамбаевни қўлга олиш амалиёти ўтказилмоқда


Алмазбек Атамбаев Қўйтош қишлоғидаги уйида тарафдори билан. 2019, 7 август оқшоми.

Бишкек вақти билан соат 00.30 да (8 август) Азаттиқ радиосининг Қирғизистон соғлиқни сақлаш вазирлигига таяниб хабар қилишича, собиқ президент Алмазбек Атамбаевни қўлга олиш бўйича махсус амалиёт давомида жабрланганлар сони 23 нафарга етди. Қўйтош қишлоғида 10 та "Тез ёрдам" бригадаси ишламоқда.

Олдинроқ Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) собиқ президент Алмазбек Атамбаевни қўлга олиш амалиёти давом этаётганини билдирган эди.

Бу ҳақда Азаттиқ радиоси хавфсизлик идораси баёнотига таяниб хабар қилган.

7 август куни кечга яқин Қирғизистоннинг собиқ президенти Алмазбек Атамбаевнинг уйи жойлашган Қўйтош қишлоғига (Чуй вилояти) хавфсизлик хизмати аскарлари кириб келиши ортидан бир неча киши тан жароҳати олди.

Алмазбек Атамбаевни қўлга олиш давомида унинг уйида ёнғин чиқди. 2019, 7 август оқшоми, Қўйтош қишлоғи.
Алмазбек Атамбаевни қўлга олиш давомида унинг уйида ёнғин чиқди. 2019, 7 август оқшоми, Қўйтош қишлоғи.

Атамбаевнинг уйи ва унинг атрофида 7 август кечга яқин юзага келган вазиятни Қирғизистон социал-демократик партияси аъзоси Мирбек Айтикеев ва бошқалар Фейсбукда жонли эфирда кўрсатди.

Собиқ президентнинг уйи жойлашган Қўйтош қишлоғига махсус бўлим аскарлари кирганда бир неча киши елим ўқдан яралангани хабар қилинди.

Хабарларга қараганда, воқеада қирғизистонлик икки экс-депутат ҳамда 24.kg агентлиги мухбири ва бошқалар елим ўқдан яраланган.

Қирғизистон парламенти 27 июнь куни Алмазбек Атамбаевни дахлсизлик мақомидан маҳрум этиш юзасидан овоз берган, бу эса ҳуқуқ-тартибот идораларига уни жиноий жавобгарликка тортиш учун имкон яратади.

Депутатлар комиссияси Атамбаевга қарши олти айбловни илгари сурган. Бош прокуратура улардан бештасини асосли, деб топган.

Алмазбек Атамбаевнинг ўзи бу айбловлар сиёсий сабабга эга эканини урғуламоқда. Собиқ президентнинг Қўйтош қишлоғидаги уйида тарафдорлари Атамбаевни қўллаш штабини тузганлар.

Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги собиқ президент Алмазбек Атамбаевни уч марта сўроққа чақирган, аммо учала сафар ҳам у терговга боришдан бош тортган.

Қирғизистон парламенти махсус комиссияси 18 июнь куни собиқ президент Алмазбек Атамбаевни 6 айблов бўйича айбдор деб топган ва 20 июнда парламент бу айбловлар нақадар асосли эканини ўрганиб чиқишни Бош прокуратурага топширган эди.

Парламент Атамбаевни ўз сиёсатига қарши чиққан фаоллар ва журналистларга босим кўрсатганликда ва қатор коррупциявий ҳаракатларда гумонламоқда.

25 июнь куни Бош прокуратура собиқ президент Алмазбек Атамбаевга қўйилган олтита айбловдан бештасини асосли деб топганини билдирган.

Шарҳларни кўринг (4)

Бу форум ёпилган

Алоқадор

XS
SM
MD
LG