Владивостокда ҳайдовчилик қилаётган ўзбекистонликлар 2020 йили ишсиз қолиши мумкин

Владивосток шаҳри.

2020 йили Россиянинг Приморье ўлкасида (маркази Владивосток шаҳри) чет эллик фуқароларнинг шаҳар ичида ва шаҳар атрофига қатнайдиган автобуслар, трамвай, троллейбус ва такси ҳайдовчиси сифатида ишлаши тақиқланади. Сайёҳлик ва экскурсия йўналишлари бўйича фаолият юритадиган ижарага олинган автобус ҳайдовчилари бундан мустасно.

Бу ҳақда Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар қилди.

Вазирликнинг Ўзбекистоннинг Владивостокдаги Бош консулхонасига таяниб хабар қилишича, 2020 йилда Приморье ўлкаси ҳудудида патент асосида ишлайдиган чет эллик ишчилардан транспорт соҳасида фойдаланишга тақиқ қўйилади. Тегишли қарор губернатор Олег Кожемяко томонидан 2019 йил 12 сентябрь куни имзоланган.

Шу муносабат билан Консуллик-ҳуқуқий департаменти Россия ҳудудида бўлиб турган ва Приморье ўлкасига боришни режалаштираётган фуқароларга юқорида кўрсатилган тақиқларни ҳисобга олишларини сўраган.

Консуллик-ҳуқуқий департаменти Россиянинг Узоқ Шарқ федерал округи (Амур области, Камчатка ўлкаси, Магадан области, Приморье ўлкаси, Саха Республикаси (Ёқутистон), Сахалин области, Яҳудий автоном вилояти, Хабаровск ўлкаси, Чукотка автоном округи) ҳудудидаги Ўзбекистон фуқаролари зарур ҳолларда мамлакатнинг Владивосток шаҳридаги Бош консулхонасига қуйидаги телефон рақамлари орқали мурожаат қилишлари мумкинлигини эслатади: +7-423-260-48-00, +7-951-018-70-07.