Россияда ўзбекистонликларни Сурияга жўнатган шахс қамалди

Иллюстратив сурат.

Россиянинг Узоқ Шарқ округ ҳарбий суди Чита шаҳрида яшовчи фуқарони икки нафар ўзбекистонликни Сурияга жўнатишда айбдор деб топди.

Россия Тергов қўмитасининг Сахалин вилояти бўйича бошқармаси 24 сентябрь куни 56 ёшдаги читалик саккиз йилга озодликдан маҳрум қилинганини билдирди. У Жиноят кодексининг террорчиликни молиялаш ва террор ташкилоти фаолиятида иштирок этиш моддалари бўйича айбланди.

Терговнинг билдиришича, асли қирғизистонлик бўлган Чита шаҳри яшовчиси 2015 йилнинг декабрида Южно-Сахалинскда 21 ва 27 ёшдаги Ўзбекистон фуқароларига Сурияга кетишлари учун юз минг рубль берган. Улар Сурияда “Ислом давлати” террор гуруҳи сафларига қўшилмоқчи бўлганлар.

Расмий билдирувда ўзбекистонликларни Сурияга жўнатган шахс қандай вазиятда қўлга олингани тўғрисида маълумотлар берилмаган.