ТИВ Москвада полициядан қочиб бели синган ўзбек реставраторлари ҳолидан хабар олди

Илҳом Холматовнинг (суратда) оёғи синган ва мияси чайқалган

25 сентябрь куни Ўзбекистоннинг Россиядаги Элчихонаси Консуллик бўлими ходимлари Ўзбекистон фуқаролари И.Х. ва Д.Б.нинг ҳолидан хабар олди.

Бу ҳақда хабар қилган Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати улар 20 сентябрь куни фуқаролик кийимидаги полиция ходимлари иштирокида содир бўлган воқеадан сўнг оғир жароҳатлар билан Москва вилояти Балашиха шаҳридаги касалхонага жойлаштирилгани, жабрланганлар сўзларига кўра улар федерал аҳамиятга эга объектларда реставрация ишларини олиб бориш учун малакали мутахассис сифатида Россияга таклиф қилинганини ёзган.

Бу маълумотлар Озодликнинг 24 сентябрь кунги мақоласида келтирилган эди.

"Элчихона вазиятни назоратга олди ва Россия Ташқи ишлар вазирлиги, Бош прокуратураси, Тергов қўмитасига расмий мурожаат қилди ҳамда Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ваколатхонаси билан биргаликда юртдошларимизни даволатиш учун тўловни амалга ошириш масаласини ҳал қилмоқда" дейилган Ташқи ишлар вазирлиги хабарида.

Консуллик-ҳуқуқий департаменти эслатиб ўтадики, Россиянинг Марказий федерал округи (Белгород вилояти, Брянск вилояти, Владимир вилояти, Воронеж вилояти, Иваново вилояти, Калуга вилояти, Кострома вилояти, Курск вилояти, Липецк вилояти, Москва шаҳри, Москва вилояти, Орлов/Орёл вилояти, Рязан вилояти, Смоленск вилояти, Тамбов вилояти, Твер вилояти, Тула вилояти, Ярослав вилояти) ва Арманистон ҳудудидаги фуқароларимиз зарур вазиятларда Москва шаҳридаги Элчихонага қуйидаги телефон рақамлари орқали мурожаат қилишлари мумкин: : +7 499 230-00-76, +7 499 238-36-20.