Тошкент божхонаси почта орқали 55 кишига четдан юборилган кийим-кечакни бермади

Тошкент шаҳар божхона постида тўхтатиб қолинган 40 миллион сўмлик кийим-кечак (сурат Божхона қўмитаси сайтидан олинди)

Тошкент шаҳар божхона бошқармаси - “Бош почтамт” ташқи иқтисодий фаолият божхона пости 40 миллион сўмлик кийим-кечак эгаларига берилмаганини маълум қилди.

Божхона қўмитаси сайтида берилган хабарга кўра, "200 донага яқин турли хилдаги кийим-кечаклар" халқаро почта ва курьерлик жўнатмалари орқали мамлакатга кириб борган.

"Халқаро почта ва курьерлик жўнатмалари орқали Ўзбекистонга йўлланган товарлар ҳам белгиланган тартибда божхона назоратидан ўтказилади. “Бош почтамт” ташқи иқтисодий фаолият божхона пости ходимлари юртимизга юборилаётган маҳсулотларни божхона назоратидан ўтказиш чоғида турли қонунбузарлик ҳолатларига чек қўйилмоқда", дейилади расмий хабарда.

Айтилишича, шу кунда “Бош почтамт” биносида сақланаётган 40,5 миллион сўмлик кийим-кечак хориждан 55 фуқаро номига йўлланган.

Ҳозирда Божхона органлари бу ҳолат юзасидан суриштирув ишлари олиб борилаётганини билдирди.