Reuters: Дам олишсиз ишлаëтган ўзбек амалдорлари муттасил чарчоқ ва стресс шароитда яшамоқда

Иллюстратив сурат.

Ўзбекистонда уч йилдан бери дам олишларсиз кунига 15 соатдан ишлаётган давлат амалдорлари доимий чарчоқ ва стресс шароитда яшамоқда. Бу ҳақда Reuters агентлиги 30 сентябрь куни хабар берди.

Хабарда билдирилишича, сентябрь ойида Тошкентда халқаро шартномалардан бирини имзолаш пайтида ўзбек амалдори ҳушидан кетиб йиқилган. Уни олиб чиқиб кетган ҳамкасблари амалдор имзолаш маросими арафасида қаттиқ стрессга тушганини айтишган.

Reuters агентлиги Ўзбекистонга музокаралар ўтказиш учун келган хорижлик амалдорлар учрашувлар пайтида ўзбек давлат амалдори ухлаб қолмаслигини кузатиб туриш муҳим эканини таъкидлашганлари ҳақида ҳам ёзган.

Reuters президент Шавкат Мирзиёев барча давлат амалдорлари учун “фавқулодда ҳолат” эълон қилганини эсга соларкан, номи сир қолишини истаган амалдорлардан биридан иқтибос келтирган.

“Сўнгги ойларда Мирзиёев амалдорлар соат 17 да ишдан кетишлари, шанба ва якшанбани оиласи даврасида ўтказишлари тўғрисида кўрсатма берди. Амалда эса ҳеч нарса ўзгармади. Мен ҳалигача соат 8 да ишга келиб, ярим тундан кейин, кўпинча 1-2ларда уйга кетаман. Баъзан фарзандларимни бир неча кунлаб кўрмайман”, деб айтган амалдор Reuters агентлигига.