Ўзбекистондаги Tespak пластик маҳсулотлар заводи Самарқанддаги банкрот бўлган “Сино” музлаткичлар ишлаб чиқариш заводининг 88,8 фоиз акцияларини сотиб олди. Бу ҳақда Давлат активларини бошқариш агентлиги 2 октябрда маълум қилди.
“Сино” заводини инвесторларга танлов асосида “ноль” харид қийматида, корхонанинг кредиторлар олдидаги қарзини тўлаш ва фаолиятни соғломлаштириш учун инвестициялар киритиш шарти билан сотиш белгиланган эди.
Бундан ташқари инвестор 2 йил ичида 15 миллион доллар сармоя киритиш орқали 350 та янги иш ўрни яратиши ва электротехника ва электрмаиший маҳсулотлар ишлаб чиқариши шарт эди.
Расмий маълумотда айтилишича, Tespak“Сино” заводига икки йил ичида 42 миллион доллар сармоя киритиш ва 580та янги ишчи ўрни яратиш мажбуриятини олган.
2009 йилда Ўзбекистон бозорида пайдо бўлган Tespak 30дан ортиқ пластик маҳсулот турларини ишлаб чиқаради.
45 йилдан бери фаолият кўрсатиб келган “Сино” заводи эса 2018 йилнинг августида суд қарори билан банкрот деб эълон қилинган эди.
Завод "Помир", "Снежинки", "Самарқанд", "SINO" брендлари остида маҳсулот ишлаб чиқарган.
Завод қуввати йилига 250 мингта совутгич ишлаб чиқаришга мослашган. Самарқандда ишлаб чиқарилган холодильниклар Польша, Афғонистон, Хитой ва бошқа мамлакатларга экспорт қилинган.
Сўнгги 25 йилда завод LG Electronics, Guangzhou Kinte Industrial каби хорижий брендлар билан ҳамкорликда маҳсулот ишлаб чиқаришни йўлга қўйган эди.
“Бир неча миллионлаб доллар сармоялар киритилган бўлсада, бугунги кунда республиканинг бошқа заводларида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар билан рақобатга дош бера олмади”, дейилади маҳаллий матбуот хабарларида.