Мирзиёев Путинни туғилган куни билан табриклади

Владимир Путин сўнгги марта Тошкентга 2018 йилнинг октябрида келган эди.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 7 октябрь куни Россия президенти Владимир Путинни туғилган куни билан табриклади.

Президент матбуот хизматининг билдиришича, Владимир Путин билан телефон орқали «суҳбат аввалида давлатимиз раҳбари россиялик ҳамкасбини туғилган куни билан самимий муборакбод этиб, унга мустаҳкам соғлик, бахт-саодат ва катта зафарлар тилади».

Мирзиёев Путин раҳбарлигидаги Россиянинг барқарор тараққиёти таъминланаётгани, аҳоли фаровонлиги муттасил ошиб, мамлакатнинг халқаро майдондаги ўрни ва нуфузи мустаҳкамланаётганини таъкидлади.

Мулоқотда давлат раҳбарлари эришилган келишувлар ва имзоланган битимларни ўз вақтида амалга ошириш, ўзаро савдо ҳажмини кўпайтириш, инвестиция, фан-техника, транспорт-логистика, қишлоқ хўжалиги ва бошқа устувор соҳаларда ҳамкорликни кенгайтириш муҳим эканига эътибор қаратдилар.

Халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан фикр алмашилди, шунингдек, бўлажак олий даражадаги тадбирлар режаси кўриб чиқилди.