Россия уюштирган танловда ғолиб бўлган ўзбек ўқувчилари Украина рухсатисиз Қримга боради

Ўзбекистонлик мактаб битирувчилари.

Россотрудничество ва "Сделаем вместе!" ҳаракати томонидан уюштирилган “Бизнинг қаҳрамонлар” халқаро конкурсининг финалига чиққан етти нафар ўзбекистонлик ўқувчи 16 октябрдан 7 ноябргача Қримдаги “Артек” лагерида дам олади. Бу ҳақда “Спутник” нашри 8 октябрь куни маълум қилди.

Ўзбекистонлик ўқувчилар “Бизнинг қаҳрамонлар” мавзусида ёзган ўз иншоларини 4 ноябрда “Артек”да ўтадиган финал босқичида ҳимоя қиладилар.

Хабарда айтилишича, МДҲнинг 11 мамлакатида ўтказилган конкурсда жами 13 минг ўқувчи иштирок этган. Улардан 34 нафари финалга чиққан.

Киев Россия томонидан 2014 йилда аннексия қилган Қримни вақтинча босиб олинган Украина ҳудуди, деб билади. Шунинг учун ҳам Қримга Украина идоралари билан келишилмай туриб қилинган ҳар қандай сафар Киев томонидан ноқонуний ҳаракат сифатида баҳоланади.

2017 йилнинг 18 апрель куни Киев расмийлари Қримга борган олти нафар ўзбекистонликнинг Украинага кириши уч йилга тақиқлангани ҳақида хабар берган эди.