Давлат хавфсизлик хизмати Фарғона вилояти бошқармаси Қуръоннинг ноёб нусхасини қирғизистонлик фуқарога 150 минг АҚШ долларига сотишга уринган шахсларни қўлга олди.
ЎзА агентлигининг хабар қилишича, ноёб китобни сотишга уринган шахс Бухорода яшовчи 49 яшар Ф. Ш.дир. Унга Қўқон шаҳрида яшовчи таниши А. Қ. ёрдам берган.
Келишувга асосан, китобни Ўзбекистон чегарасидан айланма йўллар орқали Қирғизистонга ўтказишни режалашган.
Ўзбекистон Республикаси маданият вазирлигининг экспертиза хулосасига кўра, бу китоб XVI асрда қўлёзма шаклида уста хаттот Мулла Юсуф Саххоф томонидан китоб шаклига келтирилган ва тахминан XIX аср охири XX аср бошларида қайта реставрация қилинган.
Агентликнинг ёзишича, Самарқанд ҳаттотлик мактаби услубида ёзилган, қарийб 5 асрлик тарихга эга, саҳифаларига олтин суви юритилган, беназир, қўлёзма китобнинг тахминий қиймати 1 миллиард 880 миллион сўмга тенг.
Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ишлари олиб борилаётгани айтилди.
Китобнинг ўзи эса Ўзбекистон тарихи давлат музейига топширилади.