"Тошкент-Ўш" йўлида юк машинаси ёниб кетди, Қорақалпоғистонда поезд ва “Nexia” тўқнашди (ВИДЕО)

«Тошкент-Ўш» автомобиль йўлида ёниб кетган юк машинаси.

«Тошкент-Ўш» автомобиль йўлининг Оҳангарон туманидан ўтган 158-километрида 14 октябрь куни соат тахминан 15:10 ларда юк машинаси ёниб кетди.

Тошкент вилояти Ички ишлар бош бошқармасининг билдиришича, Mercedes-Benz юк машинаси ҳайдовчиси ёмғир оқибатида рул бошқарувини эплай олмай қолган. Натижада юк машинаси йўлни ажратиб турувчи бетон тўсиққа бориб урилган. Зарб натижасида юк машинаси ёна бошлаган.

Расмий хабарда юк машинаси ҳайдовчиси - 1988 йилда туғилган К.Э соғ-саломат экани, ҳеч ким жароҳат олмагани таъкидланган.

Аввалроқ Қорақалпоғистон Ички ишлар вазирлиги 13 октябрь куни соат 16:35да Нукус-Тўрткўл темир йўлининг 693-километрида қўриқланмайдиган темир йўл кесишмасида поезд “Nexia” автомобили билан тўқнашгани ҳақида хабар берган эди.

Йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида ҳеч ким жабрланмаган. Поезд соат 16:52да ҳаракатини давом эттирган.