Бугун Ўзбекистон Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашига қабул қилинади

Президент Шавкат Мирзиёев 14 октябрда Бокуда Озарбайжон президенти Илҳом Алиев билан учрашди.

Озарбайжон пойтахти Бокуда 15 октябрь куни бўлиб ўтадиган Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши саммитида Ўзбекистон ташкилотга аъзо давлат сифатида қабул қилинади.

Саммитда Озарбайжон, Қирғизистон, Туркия ва Ўзбекистон президентлари иштирок этмоқда. Қозоғистонни саммитда мамлакатнинг собиқ президенти Нурсултон Назарбоев, ташкилотда кузатувчи мақомига эга Венгрияни эса бош вазир Виктор Орбан тамсил этади.

Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши раиси Багдад Амреев Ўзбекистоннинг ташкилотга аъзо бўлиши ҳақидаги банд саммит декларациясига киритилганини ва уни барча аъзо давлатлар имзолашини айтди.

Озарбайжон Иқтисодиёт вазирлигининг билдиришича, Ўзбекистоннинг ташкилотга қўшилиши ортидан Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашига аъзо давлатлар ўртасидаги савдо айланмаси йилига 12 миллиард долларга етади. Айни пайтда бу кўрсаткич 7 миллиард долларни ташкил қилмоқда.

2018 йилнинг 30 апрель куни Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон билан Тошкентда ўтган учрашувдан сўнг президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Туркий тилли давлатлар ҳамкорлиги кенгашига қўшилишини эълон қилган эди.

Ташкилотнинг 2018 йил, 3 сентябрда Қирғизистоннинг Чўлпонота шаҳрида бўлиб ўтган саммитида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев фахрий меҳмон сифатида қатнашган.