Ҳукумат қарори ортидан Тошкентда буханка нон нархи 35 фоизгача ошди

Ўзбекистон пойтахтида 15 октябрдан буханка ноннинг нархи ошгани кузатилди.

Kun.uz хабарига кўра, сешанба куни Тошкентда бир буханка нон дўкон ва бозорларда 1350-1500 сўмдан сотила бошлаган. Бунгача мазкур нон 1100 сўмдан сотилаётган эди.

14 октябрь куни Вазирлар Маҳкамаси «Дон, ун ва нон етказиб бериш тизимига бозор механизмларини тўлиқ жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида» қарор қабул қилган, мазкур ҳужжат билан дон ва ун нархларини эркинлаштиришга қарор қилганди.

Охирги марта нон нархи 2018 йил сентябрида оширилган. Бунгача буханка нон узоқ йиллар 600-650 сўмдан сотилганди.