МБ: Миллий валюта девальвацияси тезлашди, жамғармасини долларда сақловчилар 3 ойда қарийб 2 мартага кўпайди

2019 йилнинг июль-август ойларида ички ва ташқи омиллар таъсирида хорижий валютага бўлган талабнинг ўсиши кузатилди ва натижада миллий валюта девалвацияси тезлашди, деб хабар қилди Марказий банк.

Хусусан, 2019 йил январь-июль ойларида АҚШ долларининг алмашинув курси 4 фоизга (1 долларга 8 336 сўмдан 8 667 сўмгача) ошган ва ўртача ойлик ўсиш суръати 0,6 фоизни ташкил этган бўлса, август ойида валюта курсининг кескин ўсиши (8,2%) кузатилди. Бироқ, сентябрь ойига келиб, долларнинг алмашинув курси ўзининг аввалги тенденциясига қайтди ва ойлик ўсиш суръати 0,5 фоизгача пасайди.

Миллий валюта девалвацияси аҳолининг жамғариш кайфиятига ва фаоллигига ҳам таъсир кўрсатди. Хусусан, Марказий банк томонидан ўтказиладиган ойлик сўров натижалари шуни кўрсатадики, 2019 йилнинг июнь-сентябрь ойларида омонатларини хорижий валютада (шу жумладан, АҚШ долларида) сақлашни афзал кўрувчи сўров иштирокчилари улуши кўпайган.

Бунда, жамғармаларини нақд АҚШ долларида сақлашни афзал кўрувчи респондентлар улуши май ойидаги 19 фоиздан август ойида 33 фоизгача, хорижий валютадаги омонатларда сақлашни афзал кўрувчилар улуши эса май ойидаги 17 фоиздан сентябрда 24 фоизгача ошди. Шу билан бирга, сентябрь ойида валюта курси барқарорлашганидан сўнг, жамғармаларини нақд АҚШ долларида сақлашни афзал кўрувчи сўров иштирокчилари улуши 33 фоиздан 29 фоизгача пасайди.