Ҳиндистондан 12 та тўтини ноқонуний олиб чиқмоқчи бўлган ўзбекистонлик Деҳли аэропортида ушланди

Индира Ганди номидаги Деҳли халқаро аэропорти (иллюстратив сурат).

Деҳли халқаро аэропортида 12 та тўтиқушни контрабанда йўли билан олиб чиқиб кетмоқчи бўлган ўзбекистонлик Анваржон Раҳматжонов қўлга олинди. Бу ҳақда The Indian Express нашри хабар қилади.

Мулозимлар Ўзбекистон ватандошининг Божхона қонунчилиги ҳамда Ёввойи табиатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонунни бузганлиги учун ҳибсга олинганини билдирганлар.

Айтилишича, А.Раҳматжоновнинг жомадони сканердан ўтказилаётган пайтда пойабзал қутиларига солинган 12 қуш тасвири уларда шубҳа уйғотган. Ўзбекистонлик қутиларда юмшоқ ўйинчоқлар борлигини таъкидлаганига қарамай, ходимлар уни очишган ва 12 та тўтиқуш топишган.

Раҳматжонов харидоргир бу қушларни Тошкентдаги мижозларига сотиш учун олиб чиқиб кетишга уринганини тан олган. У ўша куни “Ўзбекистон ҳаво йўллари” учоғи билан Тошкентга учиб кетиши керак эди.

Мулозимлар қуш контрабандасига қўл урган ўзбекистонлик яқин орада судга тортилишини маълум қилганлар.