Ҳозирда ижтимоий тармоқлар илм-маърифат ва зиё тарқатишнинг муҳим воситаларидан бирига айланди. Хусусан, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва унинг тизимидаги масжид, мадраса, илмий-тадқиқот марказлари ҳамда имом-хатибларимиз веб-саҳифалари орқали халқимизга ва бутун дунёдаги ўзбекзабон мусулмонларга диний-маърифий маълумотларни етказиш имконига эга бўлишмоқда.
Бу фикр Ўзбекистон мусулмонлари идораси мамлакатдаги имом хатибларга тавсия қилган, 18 октябрда ўтказиладиган жума намозида қилинадиган маъвиза тезисларида билдирилган.
Бироқ маъвизанинг асосий мақсад "ижтимоий тармоқларнинг хатари"ни кўрсатиб бериш эканлиги тезислар матни сарлавҳасидан кўриниб турибди.
Унда, жумладан мана бундай дейилган:
"Ҳар нарсанинг яхши ва ёмон тарафи бўлганидек, сўнги пайтларда ижтимоий тармоқларнинг ҳам жиддий хатарлари юзага чиқмоқда. Жумладан, айни даврда айрим бузғунчи оқимларнинг интернетдан ўз ғарази йўлида кенг фойдаланаётгани, ёшларни ўз домига тортаётгани, айрим сайтларда беҳаёлик, ўз жонига қасд қилиш каби аянчлик иллатлар тарғиб этилаётгани, баъзи ижтимоий тармоқларда турли фитналар, жамиятни беқарорлаштирувчи ёлғон маълумотлар берилаётганини кузатишимиз мумкин".
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг хабар қилишича, келгуси жума маърузаси “йўл қоидасига амал қилиш одоблари” мавзусида бўлади.