Ўзбекистон билан Тожикистон ўртасида яна бир автобус қатнови йўлга қўйилди

Иллюстратив сурат.

Ўзбекистоннинг Қўқон шаҳридан Тожикистоннинг Шайдон шаҳрига 19 октябрдан бошлаб автобус қатнови йўлга қўйилди. Бу ҳақда ЎзА ахборот агентлиги Транспорт вазирлиги матбуот хизмати маълумотига асосланган ҳолда хабар тарқатди.

Мазкур қатновнинг йўналиш масофаси 84,5 километрга тенг бўлиб, Шайдон шаҳри томонидан “Рахш-РМ” ширкатига тегишли микроавтобуслар ҳамда Қўқон шаҳридан “Мансур Мирзоҳид” ширкатига қарашли Isuzu автобусларида йўловчиларга хизмат кўрсатилади. Чипта нархи 23 минг сўм қилиб белгиланган.

Бунгача Ўзбекистон билан Тожикистон шаҳарлари ўртасида бир неча автобус қатнови йўлга қўйилганди. “Тошкент-Хўжанд”, “Фарғона-Хўжанд”, “Термиз-Душанбе”, “Денов-Душанбе”, “Самарқанд- Панжикент” кабилар шулар жумласидандир.