Ҳижобга қарши чораларни кучайтирган Ўзбекистон муслима сайёҳлар учун қулай мамлакатлар ўнлигига киритилди

Иллюстратив сурат.

“Mastercard” молия ташкилоти ва “CrescentRating” агентлиги томонидан эълон қилинган ҳисоботда Ўзбекистон мусулмон аёл сайёҳлар учун энг қулай мамлакатлар қаторида саналди. Бу ҳақда Ўзбекистон Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизмати маълум қилади.

Қайд этилишича, жорий йилнинг 17 октябрь куни Сингапурда ўтказилган “Halal in Travel Asia” саммити доирасида эълон қилинган ҳисоботга кўра, Ўзбекистон Ислом ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ)га аъзо мамлакатлар орасида хавфсизлик ва диний бағрикенглик бўйича юқори ўринни эгаллаган мамлакатлар ўнлигидан жой олган, аниқроғи, саккизинчи ўринга қўйилган.

“Muslim Women in Travel 2019” ҳисоботи мусулмон аёллар саёҳатига оид жаҳон миқёсидаги илк тадқиқот бўлиб, унда асосан Жанубий-Шарқий Осиё мамлакатларидан 3300 нафар мусулмон аёл иштирок этган.

Айни пайтда ҳисобот муаллифлари Ўзбекистонда охирги пайтларда ҳижобга қарши авж олган кампанияни эътиборга олган-олмагани маълум эмас.

Сўнгги ойларда Ўзбекистонда диний мутаассибликнинг олдини олиш баҳонасида расмийлар томонидан қатор чора-тадбирлар амалга оширилаётгани кузатилмоқда. Бу чора-тадбирлар орасида ҳунарманд ва фермерлар билан аъзолик шартномасига “кийиниш маданияти”, аниқроғи, беўхшов соқол қўймаслик ва ҳижоб киймасликка оид банд киритиш, диний рамзли кийим тикаëтганларни бошқа турдаги товар ишлаб чиқаришга йўналтириш, бундай товарларнинг хориждан олиб келинишини тўхтатиш кабилар бор.

Бу ишлар Ўзбекистон президентининг “Мамлакатдаги диний вазиятни соғломлаштириш ва ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини янада мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида” деб номланган 4437м-сонли махфий қарори (2019 й., 4 сентябрь) асосида амалга оширилмоқда.