Жорий йилнинг ўтган 9 ойи ичида Ўзбекистонда банкоматлар орқали ечилган нақд пуллар 17 трлн 300 млрд сўмни ташкил этди. Бу 2018 йилнинг шу даврига нисбатан 7,3 баробарга кўпдир. Бу маълумот Ўзбекистон Марказий банкининг нақд пул муомаласи бўйича ҳисоботида акс этган.
“Банк кассаларидан чиқим қилинаётган нақд пуллар таркибида банк карталаридан нақд пул ечиш ва хорижий валютани сотиб олиш мақсадида чиқим қилинаётган нақд пуллар салмоғида сезиларли ўзгаришлар юзага келди.
Жумладан, 2019 йилнинг 9 ойида давомида 2017 йилнинг мос даврига нисбатан нақд хорижий валютани сотиб олиш учун чиқим қилинган нақд пуллар улуши 9,1 фоиздан 21,9 фоизга ва банк карталаридан нақд пул ечиш улуши эса 6,1 фоиздан 25,5 фоизга ошди”, дейилади МБ шарҳида.
Марказий банк қайдича, 2019 йил 1 октябрь ҳолатига кўра Ўзбекистон бўйлаб 8327 банкомат ва инфокиоск ўрнатилган бўлиб, улар орқали 19 миллион 800 мингдан зиёд пластик карта эгасига хизмат кўрсатилмоқда.