Битирувчилари ОТМга кира олмаган 2,1 мингдан зиёд мактаб аттестация ва аккредитациядан ўтказилади

Иллюстратив сурат.

Келгуси ўқув йилида битирувчилари олий ўқув юртларига кира олмаган 2,1 мингдан зиёд таълим муассасалари аттестация ва аккредитациядан ўтказилади.

Бу ҳақда Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати хабар қилди.

Пойтахтдаги 238-умумтаълим мактабида бўлиб ўтган “Умумий ўрта ва мактабдан ташқари таълим ташкилотларини аттестациядан ўтказиш – таълим сифатини оширишнинг муҳим омили” мавзусидаги Республика семинарида асосий эътибор умумий ўрта таълим мактабларида таълим сифатини ошириш масаласига қаратилди.

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов бугунги кунга қадар умумтаълим мактаблари фаолиятини баҳолаш бўйича яхлит самарали тизим бўлмаганини эътироф этиб, аттестациядан ўтказиш жараёнини қоғозбозликдан ҳоли ва адолатли кўринишда ташкил этиш лозимлигини таъкидлагани хабар қилинди.