Тошкент шаҳар ИИББ: вояга етмаганларнинг жасадлари ички аъзолари бўлмаган ҳолатда топилгани ёлғон.

Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида ҳаракатланиб юрган ва вояга етмаганларга қизиқиш билдирувчи жиноятчи пайдо бўлганлиги ҳақидаги хабарларда асос йўқ.

Бу ҳақда Тошкент шаҳар ИИББ баёнот бергани тўғрисида маҳаллий сайтлар хабар қилди.

Бошқарма бу баёноти билан Тошкент вилояти ҳудудида вояга етмаган болаларнинг жасадлари ички аъзолари бўлмаган ҳолатда топилганлиги ҳақида ижтимоий тармоқларда тарқаган маълумотни рад этди.

Тошкент шаҳар ИИББга кўра, "ушбу маълумотлар ҳақиқатдан йироқдир".

Тошкент шаҳар ИИББ асоссиз маълумотларни тарқатиб, ваҳима уйғотаётган кимсаларнинг шахсларини аниқлаш бўйича чора кўрилаётганини билдирган.

«Ҳурматли фуқаролар, сиздан миш-мишлардан келиб чиққан асоссиз маълумотларни тарқатмасликни сўраймиз. Ваҳима ва миш-мишлар манбаи бўлманг. Агарда сизда бирор-бир маълумот бўлса, Тошкент шаҳар ИИББнинг матбуот-хизмати билан боғланиб, уни аниқлаштириб олинг», - дейилади хабарда.