Турк ширкати Истанбулдан Самарқанд ва Бухорога чартер қатновларини амалга оширади

Иллюстратив сурат.

Туркиянинг Atlasglobal Airlines авиаширкати Истанбулдан Самарқанд ва Бухоро шаҳарларига чартер қатновини очди.

Ўзбекистон Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизмати тарқатган маълумотга кўра, “Atlasglobal” Ўзбекистоннинг “Grand Atlas Discovery” ширкати кўмагида илк чартер қатновини 31 октябрь-4 ноябрь кунлари Истанбул-Бухоро ва Самарқанд-Истанбул йўналишида амалга оширади.

Илк қатновда турк авиаширкати журналист, блогер, туристик фирмалар раҳбарлари ва ходимлари ҳамда дин арбоблари ва олимларни олиб келишни режалаган.

“IATA summer 2020” ёз мавсумидан бошлаб эса “Atlasglobal Airlines” авиакомпанияси томонидан зиёрат туризмини ривожлантириш мақсадида 50 авиарейсни амалга ошириш режалаштирилган, бунинг натижасида эса Ўзбекистонга 10 мингдан зиёд сайёҳнинг ташрифи кутилмоқда”, дейилади қўмита хабарномасида.

“Atlasglobal” Туркиянинг Европа ва Осиё мамлакатлари, шунингдек, ўлка ичида мунтазам ва чартер йўловчи авиаташувларини амалга оширувчи авиаширкати бўлиб ҳисобланади.