Истанбулдаги қотиллик ортидан Қирғизистоннинг бош консули ишдан олинди

Қирғизистоннинг Истанбулдаги собиқ бош консули Эркин Сопоков.

Қирғизистоннинг Истанбулдаги бош консули Эркин Сопоков Туркияда тадбиркор Айэркен Саймаити ўлдириб кетилганидан икки кун ўтиб ишдан олинди.

Уни бош консул лавозимидан бўшатиш тўғрисидаги буйруқни президент Сўўрўнбай Жээнбеков 12 ноябрда имзолади.

Расмий маълумотда айтилишича, бунга Айэркен Саймаити ўлдириб кетилган жойда Эркин Сопоковга тегишли бўлган дипломатик номерга эга автомашина топилгани сабаб бўлган.

Озодлик радиоси қирғиз хизмати - Азаттик радиосининг «Қирғизистондан олиб чиқиб кетилган миллионларнинг изи» деб номланган журналистик суриштирувида номи тилга олинган тадбиркор Айэркен Саймаити Туркияда 10 ноябрда ўлдириб кетилган эди.

«Қирғизистондан олиб чиқиб кетилган миллионларнинг изи» журналистик суриштируви натижалари 2019 йилнинг май ойида эълон қилинган.

Суриштирувда Хитой фуқароси бўлган Айэркен Саймаити исмли тадбиркор воситасида Қирғизистондан ноқонуний йўллар билан 700 миллион доллар олиб чиқиб кетилгани ҳақида гап бўлган.

Истанбул прокуратураси тадбиркорни ўлдирганликда гумонланиб уч киши қўлга олингани, улардан икки нафари Қирғизистон фуқароси эканини билдирди.