Тошкент вилоятида VI-VII​ асрлардаги кўчманчиларга оид қабристон топилди

Иллюстратив сурат.

Тошкент вилоятида милоддан кейинги VI-VII​ асрларга оид Турк хоқонлиги даври кўчманчиларининг қабристони топилди.

ЎзАнинг хабар беришича, қабристон пойтахтдан юз километр шимоли-шарқда, Ғарбий Тяншан тоғларининг денгиз сатҳидан 1000 метр баландликдаги этакларида жойлашган.

“Ушбу қадимий қабристон сел, қор ва ёмғирлар юзидан емирилиши натижасида очилиб қолган бўлиб, бу ҳақда археологларга Тошкент халқаро мактаби ўқитувчиси Скот Бекер хабар берган эди”, дейилади хабарда.

Топилма ортидан Ўзбекистон Фанлар академияси Миллий археология марказида Ғарбий Тяншан ҳудудидаги кўчманчи маданиятни ўрганиш учун махсус гуруҳ ташкил этилди.

Хабарда айтилишича, VI​ асрда Қора денгиздан Тинч океанига қадар ҳудудни эгаллаган Турк хоқонлигининг маъмурий марказларидан бири ўша пайтларда Чоч деб аталган Тошкент шаҳри бўлган.

“Тошкент вилояти ҳудудида бундай топилмаларнинг оз учраши эса ушбу янги археологик ёдгорликнинг аҳамиятини янада орттиради. Шунинг учун ҳам йилдан-йилга емирилиб бораётган бу қабристондаги очилиб қолган қабрлар тезлик билан қазиб ўрганилиши керак”, дейилади хабарда.