Афғонистондаги ота-онасиз қолган болаларга гуманитар ёрдам етказиб берилди

Афғонистонлик болалар.

Ўзбекистондан Афғонистоннинг Мозори Шариф шаҳрига гуманитар ёрдам етказиб берилди. Бу ҳақда “Ўзбекистон темир йўллари” ширкати 20 ноябрь куни хабар берди.

Маълум қилинишича, гуманитар ёрдам ота-она қаровисиз қолган болалар учун бадиий адабиётлар, ўқув қуроллари, кийим-кечак ва спорт жиҳозларидан иборат бўлган.

Гуманитар ёрдамни тўплаш акцияси Ўзбекистон халқаро ёшлар ассоциацияси томонидан «Тинчлик учун!» шиори остида 1 сентябрдан 1 октябргача ўтказилган.

“Мазкур акциядан мақсад жамоатчиликни Афғонистондаги этник ўзбеклар ва ота-онасиз қолган ёшлар муаммоларидан хабардорлигини ошириш бўлган”, дейилади хабарда.