Пенсия таъминоти тизими ўзгаради

Президент Мирзиёев раислигида аҳолини ижтимоий муҳофаза қилишнинг устувор масалаларига бағишлаб 21 ноябрда ўтказилган йиғилишда давлат раҳбари минимал давлат пенсияси ёки пенсия жамғармасига ажратиладиган тўпланиб борадиган пенсиялардан иборат уч даражали пенсия таъминоти тизимига ўтиш бўйича топшириқ берди.

Давлат раҳбари матбуот хизматининг хабар беришича, президент уч даражали пенсия таъминоти тизимига ўтиш орқали пенсия бадалини тўлашдан манфаатдорликни ошириш зарурлигини таъкидлаган.

Бунда, биринчи даражада давлат минимал пенсия миқдорини белгилайди. Иккинчи даражада ходимнинг иш ҳақидан муайян сумма ушланиб, унинг шахсий ҳисоб-варағида тўпланади ва Марказий банк қайта молиялаштириш ставкасидан кам бўлмаган фоиз ҳисоблаб борилади. Учинчи даражада ходим пенсия жамғармасига ажратиладиган маблағ миқдорини ўзи белгилайди.

"Бу тизим қўлланилса, фуқаро кафолатли давлат пенсиясини олиш билан бирга ўз хоҳишига қараб, пенсия ёшида қанча пенсия олишини ўзи белгилаш имконига эга бўлади", - дейилади хабарда.

Шу боис Молия вазирлигига Жаҳон банки ва нуфузли молия ташкилотлари экспертлари билан ҳамкорликда пенсия тизимини ислоҳ қилиш концепциясини ишлаб чиқиш, шунингдек, ижтимоий суғурта турларини қайта кўриб чиқиш бўйича топшириқлар берилди.