Паспортига "эркак" деб ёзилган аёл нафақага чиқа олмаяпти

Иллюстратив сурат.

Қашқадарё вилоятининг Қамаши туманида яшовчи 54 ёшли Бибихол Эшмирзаева паспортида эркак сифатида кўрсатилгани сабабли пенсияга чиқа олмаяпти. Бу ҳақда 26 ноябрь куни «Дарё» нашри хабар берди.

Хабарда айтилишича, Бибихол Эшмирзаевага 2015 йил 2 август куни биометрик паспорт берилган. Мутахассисларнинг эътиборсизлиги боис паспортда фуқаронинг жинси кўрсатиладиган жойда «эркак» деб ёзилган.

Бу ҳақда бир кундан сўнг хабар топган паспорт эгалари эътироз билдирган ва хатоликни тўғрилаб бериш сўралган. Паспорт столи ходимлари хатоликни тўғрилашган.

Бибихол Эшмирзаева 2019 йил октябрь ойида нафақага чиқиш тараддудига тушган. Бироқ маълумотлар базасида эркак сифатида қайд этилгани боис ишлари тўхтаб қолган.

Бибихол Эшмирзаеванинг ўғли Асқар Раҳимовга кўра, ўшандан бери бу хатоликни тўғрилаш учун қилинаётган ҳаракатлар самара бермай келаётир.