“Ўзсувтаъминот”га хорижлик ходимларига долларда ойлик тўлашга рухсат этилди

Иллюстратив сурат.

Президент қарори билан янги ташкил қилинган “Ўзсувтаъминот” акциядорлик жамиятига ходимларга ойликни ўз ҳисобидан долларда тўлашга рухсат берилди. Лекин долларда ойлик оладиган ходим хориж давлатларидан бирининг фуқароси бўлиши лозим. Бу ҳақда Адлия вазирлиги 27 ноябрда маълум қилди.

Президент 26 ноябрда “Республика сув таъминоти тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорни ва “Аҳолининг ичимлик суви билан таъминланганлик даражасини ошириш ва унинг сифатини яхшилаш учун Ўзбекистон Республикасининг сув ресурсларини бошқаришни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармонни имзолади.

Фармонга асосан “Ўзсувтаъминот” Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги тизимига киритилган.

Қарор билан, шунингдек, 2020 йилда республиканинг ичимлик сув таъминоти ва сув чиқариш объектларини қуриш ва реконструкция қилиш бўйича манзилли дастур тасдиқланди.