Қашқадарёда икки кунда 9 киши ис газидан заҳарланди

Иллюстратив сурат.

Қашқадарёда 25 ва 26 ноябрь кунлари 9 одам ис газидан заҳарланиб, касалхоналарга ётқизилди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги 27 ноябрь куни маълум қилди.

Хабарда билдирилишича, 25 ноябрь куни Қарши шаҳри «Кат» маҳалласида яшаган бир оиланинг 5 аъзоси - 37 ёшли Ш.Т., 32 ёшли Г.Х., 13 ёшли Ш.Н., 11 ёшли Ш.Н. ва 4 ёшли Э.Н. кўмир ёқиш натижасида юзага келган ис газидан ўрта оғир даражада заҳарланган.

Шунингдек, 26 ноябрь куни Қарши тумани Парғуза қишлоғида яшовчи Ш.Б. хонадонида тўрт киши ис газидан заҳарланганлиги қайд этилди. Ушбу нохуш ҳодисага тандирда ёқилган ўтин чўғи уйга олиб кирилганлиги сабаб бўлган.

Мазкур оиладан хонадон соҳиби, 45 ёшли Ш.Б. енгил заҳарланган, унга амбулатор ёрдам кўрсатилган. Оиланинг бошқа аъзолари 41 ёшли Т.В., 17 ёшли Ж.Т., 9 ёшли Ш.Т. ис газидан ўткир заҳарланиш ўрта оғир даражаси ташхиси билан республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази вилоят филиалига ётқизилган.

Аввалроқ Андижон ва Тошкент вилоятларида бир кунда олти кишининг ис газидан заҳарлангани ҳақида хабар берилган эди.