Ўзбекистон президенти Марказий Осиё саммитида ўз ташаббусларини илгари сурди

Тошкент шаҳрида Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг иккинчи Маслаҳат учрашуви бўлиб ўтди. 2019, 29 ноябрь

Тошкент шаҳрида Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг иккинчи Маслаҳат учрашуви бошланди.

Ўзбекистон раҳбари расмий сайтининг хабар қилишича, саммит ишида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев,Қозоғистон Республикасининг Биринчи Президенти – Элбоши Нурсултон Назарбоев, Қирғизистон Республикаси Президенти Сооронбой Жээнбеков,Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон ва Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов иштирок этмоқда.

Делегациялар раҳбарларининг биргаликда суратга тушиш маросими бўлиб ўтди.

Сўнг давлат етакчиларининг тор доирадаги учрашуви бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлади.

Ўзбекистон раҳбари Марказий Осиёда кўп томонлама ҳамкорлик бўйича ягона нуқтаи назарни келишиш зарурлигини таъкидлаб, унинг асосий йўналишлари ҳақида ўз фикрларини билдирди, қатор муҳим ташаббусларни илгари сурди.

Марказий Осиёнинг транспорт тизими яратилаётган замонавий логистика инфратузилмасидан фойдаланган ҳолда минтақа ичида узлуксиз коммуникацияни таъминлаши, шунингдек, тобора ортиб бораётган транзит оқимларига самарали хизмат қилиши лозимлиги таъкидланди.

Транспорт коммуникациялари бўйича минтақавий кенгаш тузилишини, Марказий Осиё транспорт тизимини биргаликда ривожлантириш бўйича дастур ва битимнинг келишилишини тезлаштириш муҳимлиги қайд этилди.

Учинчидан, минтақамизнинг узоқ муддатли манфаатларини ҳисобга олган ҳолда энергетика соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш зарурлиги, Ўзбекистон қайта тикланувчи энергия манбаларининг улушини ошириш, замонавий энергетика инфратузилмасини яратиш борасидаги қўшма лойиҳаларни амалга оширишга тайёр экани таъкидланди.