Мирзиёев Марказий Осиё мукофотини таъсис этишни таклиф қилди

Тошкент шаҳрида Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг иккинчи Маслаҳат учрашуви бўлиб ўтди. 2019, 29 ноябрь

Ўзбекистоннинг Марказий Осиё мамлакатлари билан товар айирбошлаш ҳажми сўнгги йилларда 2 баробарга, қўшма корхоналар сони 4 баробарга ўсди. Биргаликдаги саъй-ҳаракатлар билан чегараларнинг ҳуқуқий расмийлаштириш ишлари якунланиш арафасида, олтмишга яқин ўтиш пунктларининг тўлақонли фаолияти таъминланди, визалар бекор қилинди. Ишбилармонлик ва ҳудудлараро алоқалар, транспорт қатновлари, маданий-гуманитар алмашинувлар кенгайиб бормоқда.

Бу ҳақда президент Мирзиёев Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг 29 ноябрда Тошкентда ўтаётган учрашувида билдиргани тўғрисида давлат раҳбари расмий сайти хабар қилди.

Ўзбекистон президенти минтақа мамлакатлари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш учун бошқа бир қатор чора-тадбирлар қаторида илм-фан, маданият ва санъат соҳаларида эришилган салмоқли ютуқлар учун Марказий Осиё мукофотини таъсис этиш, шунингдек, университетлар форумлари ва минтақавий спорт ўйинларини ташкил этиш таклифини илгари сургани хабар қилинди.

– Ҳар йили Наврўз байрами арафасида навбати билан ҳар бир мамлакатда Марказий Осиё маданият кунларини ўтказишни муҳим деб ҳисоблаймиз. Буларнинг барчаси қардош халқларимизни янада яқинлаштиришга хизмат қилади, – деди Шавкат Мирзиёев.