Ўзбекистон Миллий банки акциядорлик жамиятига айлантирилди

Унитар корхона шаклидаги Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки акциядорлик жамияти шаклида қайта ташкил этилди. Бунга оид қарор Ўзбекистон президенти томонидан шу йил 30 ноябрида имзоланган.

Давлат томонидан “Миллий банк” АЖнинг таъсисчиси этиб Молия вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси белгиланган.

“Миллий банк” АЖ фаолиятининг асосий вазифалари
ва йўналишлари ўлароқ қуйидагилар кўрсатилган:

хорижий кредит линиялари, халқаро капитал бозоридаги ресурслар, хорижий инвесторлар маблағларини жалб қилиш орқали иқтисодиётнинг устувор секторларида йирик инвестицион лойиҳаларни фаол равишда кредитлаш;

хизмат кўрсатиш сифати ва тезкорлигини ошириш учун инновацион молиявий маҳсулотларни жорий этиш;

кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига банк хизматларини, шунингдек, ташқи иқтисодий фаолият масалаларида молиявий маслаҳатлар бериш ва ахборот кўмагини кўрсатиш;

аҳолига чакана банк хизматлари кўрсатишни ривожлантириш, шу жумладан, ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда банк хизматларининг янги турларини жорий этиш;

биринчи навбатда миллий валютадаги узоқ муддатли маблағларни сафарбар қилиш ҳисобига банк фаолиятини молиялаштириш манбаларини диверсификация қилиш;

савдо-экспорт молиялаштириш бизнеси маҳсулотларини ривожлантириш ва унинг географиясини кенгайтириш, шунингдек, республиканинг экспорт салоҳиятини ривожлантириш дастурларини қўллаб-қувватлаш, экспорт қилувчиларга консалтинг хизматларини тақдим этиш;

корпоратив мижозларга инвестицион банкинг, жумладан, ички ва ташқи бозорларда қимматли қоғозларни чиқариш ва жойлаштириш хизматларини кўрсатиш.

Айни пайтда Ўзмиллийбанкнинг хўжалик жамиятлари устав фондидаги акциялар ва улушлар шаклидаги айрим асосий фаолият тури билан боғлиқ бўлмаган активларини Давлат активларини бошқариш агентлигига ўтказиб бериш, айрим активларни эса акция ва ширкат низом жамғармасидаги улуш шаклида сотиш кўзда тутилган.