ЕТТБ бир йилда Ўзбекистонга рекорд даражадаги 400 миллион евро қарз берган

Озарбайжондаги Trend News агентлигининг хабар қилишича¸ Европа тикланиш ва тараққиëт банки 2018 йили Ўзбекистондаги 12 та лойиҳага 400 миллион евро маблағ ажратган.

Агентлик гаплашган ЕТТБ расмийси таъкидича¸ бу банк тарихида битта давлатга бир йил давомида қарз бериш бўйича мисли кўрилмаган рекорддир.

2017 йил охирида Ўзбекистондаги ўз фаолиятини қайта тиклаган ЕТТБ мулозими бу маблағнинг ҳам давлат¸ ҳам хусусий секторга ажратилганини таъкидлаган.

“2019 йил учун ҳозиргача эришилган келишувларимиз қиймати 475 миллион евро ва бу ўтган йилга нисбатан 20 фоизга кўпдир. Бу келишувлар ҳукумат бошлаган реформалар ва бизнинг Ўзбекистондаги ўтиш даврини қўллаб-қувватлаш ниятимиз маҳсулидир”¸ деган номи очиқланмаган ЕТТБ расмийси Trend News агентлиги билан суҳбатда.

ЕТТБ расмий сайтида келтирилган рақамларга кўра¸ ҳозирда банк Ўзбекистонда умумий қиймати 726 миллион евролик 23 та лойиҳада фаол иштирок этмоқда; бу маблағнинг 21 фоизи хусусий секторга¸ 79 фоизи эса давлат назоратидаги инфраструктура лойиҳаларига ажратилган.

Марказий банк баëнотига кўра¸ Ўзбекистон умумий қарзи 2019 йил июлига келиб¸ 20,7 миллиард долларга етган ва бу йил бошига нисбатан 3,4 миллиард долларга кўпдир.

Молия вазирлиги расмийси 18 ноябрь куни берган баëнотга кўра¸ 2019 йил кузига келиб давлат умумий қарзи мамлакат ялпи ички маҳсулотига (ЯИМ) нисбатан 33,6 фоизни ташкил этган.

Жаҳон банки ҳисоб-китобига кўра¸ Ўзбекистон ялпи ички маҳсулоти миқдори 2018 йили 50¸5 миллиард долларни ташкил этган.